АТ “Алоқабанк” филиаллари касаба уюшмаси қўмитаси раислари ва фаоллари учун ўқув-машғулот ташкил этилди

Жорий йилнинг 15-17 март кунлари АТ “Алоқабанк“ бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти Республика Кенгаши ҳамкорлигида ҳудудий филиаллари касаба уюшма қўмитаси раислари ва фаоллари учун 3 кунлик ўқув машғулотлар ташкил этилди.

Ташкил этилган ўқув машғулотни Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг раиси А.Ишанходжаев очиб берди ҳамда биринчи галда АТ “Алоқабанк” филиалларининг янги сайланган касаба уюшмаси қўмитаси раислари билан танишди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни изчиллик билан амалга ошириш соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, шунингдек ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумотларни етказди.

Шунингдек, 2019 йилда соҳа тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг бошланғич касаба уюшмалари олдида турган устувор вазифалар юзасидан батафсил маълумот берди. Ҳар бир тингловчи билан мулоқот юритиб, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашди, аниқ ва манзилли кўрсатма ва топшириқлар муҳокама этилди.

 Республика кенгашининг масъул ходимлари томонидан бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини Устав талаблари асосида ташкил этиш, ижтимоий шериклик асослари ва жамоа шартномалари лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш тартиби, молия ҳужжатларини расмийлаштириш, ҳуқуқий масалаларни кўриб чиқиш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш, ижро интизоми, маданий-маърифий ишларни ташкил этиш барасидаги тақдимотлар орқали батафсил тушунтириш берилди.

Ўқув машғулоти жараёнида иштирок этган 15 нафар тингловчилар кичик гурухларда ишлаш имкониятига эга бўлдилар ҳамда уларда фаолиятлари жараёнида юзага келаётган муаммолар ечимини топиш юзасида фикр мулоҳазалар юритилиб, биргаликда киритган таклифлар асосида тадбирий дастурлар туздилар.

Замонавий шакл ва услублар, янги ахборот технологиялари асосида ўтказилган уч кунлик машғулот жараёнида иштирокчилар ўз билимларини мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, фаолиятлари жараёнида юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш йўлларини топиш қаторида сўлим табиат қўйнида жойлашган “Оқ тош” дам олиш масканида спорт, маданий-маърифий тадбирлар уюштириш ҳамда соғлиқларини тиклаш имконига эга ҳам бўлдилар.