Юксак масъулиятни ҳис этайлик

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшма Республика кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик бўйича 2018-2019 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режасига мувофиқ, вазирлик ҳамда касаба уюшма Республика кенгаши раҳбариятининг бевосита меҳнат жамоаларида масъул ҳодимлар ва иш берувчилар ҳамда касаба уюшма фаоллари билан очиқ мулоқот тарзидаги учрашувлари Фарғона ҳамда Самарқанд шаҳарларида ўтказилди.

Соҳа раҳбариятининг корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлар билан бевосита учрашувларини келгусида ҳам давом этиши анъана тусига кирмоқда.

Шунингдек, Республика кенгаши томонидан меҳнат жамоаларида хуқуқий саводхонлик кечалари, сайёр қабуллар, очиқ мулоқотлар ва давра сухбатларини тизимли равишда ўтказилишига жиддий ёндошилмоқда. Жумладан,  2018 йилда Республика кенгашининг масъул ходимлари иштирокида ходимлар, касаба уюшма фаоллари,  кадрлар  ва  юридик хизмат мутахассислари учун хуқуқий мавзуларда 25 тадан кўпроқ давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар ташкил этилди.

Республика кенгашида соҳа ходимларининг жами 118 та - шу жумладан:  26 та ёзма ва электрон мурожаатлар, 92 та  оғзаки (44 та шахсий қабул ва 48 та ишонч-телефони) мурожаатлари белгиланган тартибда кўриб чиқилди.

Мурожаатлар юзасидан меҳнат жамоаларда олиб борилган ўрганишлар таҳлилига кўра, ходимлар ва мутахассисларнинг хуқуқий саводхонлигини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, технология ва ишлаб чиқаришдаги ўзгаришлар муносабати билан ходимлар сони ва иш жойларини қисқартириш жараёнида қонун талабларига риоя қилиниши ва уларнинг бажарилишини назоратга олиш, меҳнат шароитларини янада яхшилаш бўйича касаба уюшма ташкилотлари билан иш берувчиларнинг фаолияти талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.

Ушбу холат, корхона ва филиалларда иш берувчилар, касаба уюшма қўмита аъзолари ҳамда кадрлар хизмати ходимларининг меҳнат хуқуқи бўйича малакасини оширишга ва уларнинг шахсий масъулиятини кучайтиришга алоҳида эътибор беришимизни тақозо этади.