Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг 2018 йил 2 октябрдаги “Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари куни”ни жорий этиш тўғрисида”ги 10-5 сон Раёсат қарори асосида Республика кенгашининг 2018 йилнинг 26 октябрдаги “Бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатиш куни”ни жорий этилиши тўғрисдаги 11-4 сон Раёсат қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор асосида ҳар ойнинг иккинчи сешанба куни тизимдаги бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларига Республика кенгаши масъул ходимлари томонидан амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Хусусан, бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатишлар давомида ходимларга иш хақининг ўз вақтида берилиши, меҳнат муҳофазаси, меҳнат қонунчилигига ҳамда Устав талабларига риоя этилиши, касаба уюшмасига аъзолик бадалларининг ўз вақтида туширилиши ва бошқа йўналишлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда касаба уюшмаси кўмитаси, иш берувчилар билан ҳамкорликда уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
- бошланғич ташкилотнинг касаба уюшмалари мажлислари, сайлаб қўйиладиган органлари йиғилишлари белгиланган муддатларда ўтказилиши, аъзолик билетлари билан таъминланганлик ҳолати, иш режасининг сифати, жамоа шартномасини тузиш ва бажарилишини муҳокама қилиш тартибига риоя этилиши соҳасидаги фаолиятни таҳлил қилиш, камчиликлар аниқланган тақдирда уларни бартараф этишга кўмаклашиш;
- бошланғич ташкилот еткачисининг фаолияти, униг салоҳияти, обрў-эътиборини ўрганиб, тегишли ёрдам ва тавсиялар бериш;
- иш берувчи билан учрашиб, ҳамкорликдаги ишлар, жамоа шартномаси бандлари бажарилиши таҳлилини ўтказиш ҳамда юзага келаётган муоммоларни жойида ҳал этиш каби ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг март ойида бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларига амалий ёрдам кўрсатиш кунини ўтказилишида ўзгартиришлар киритилиб, Тошкент шаҳридаги 60 дан зиёд бошланғич ташкилотларнинг касаба уюшмаси қўмитаси раислари ва фаоллари иштирокида “Очиқ мулоқот” тарзидаги давра суҳбати ташкил этилди.
Мулоқот жараёнида иштирокчиларга Республика кенгаши масъул ходимлари иштирокида ўтказилган жамоа шартномаларини бажарилишига бағишланган конференцияларда меҳнаткашлар томонидан киритилган таклифлар, Сирдарё, Жиззах ва Наманган вилоятларидаги алоқа корхоналарида ўтказилган ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари, меҳнат муҳофазаси йўналишида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар тўғрисида батафсил тушунтиришлар ва аниқ қўрсатмалар берилди.
Шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид чора-тадбирлар режаси ҳамда Республика кенгашининг 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаларида белгиланган вазифалар ижросини таъминланиши юзасидан фикр мулоҳаза юритилди.
Ўтказилган ўрганишлар негизида корхона ва ташкилотларда ходимларни таътилга чиқиш даврида чиқарилаётган буйруқларда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳусусида мунозара олиб борилди ҳамда 2019 йил байрам саналари ҳамда байрам кунларини эътиборга олган ҳолда ҳужжатларни юритиш ва “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида ички туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилиши бўйича вазифалар белгиланди.
Бундан ташқари, бошланғич касаба уюшма ташкилотида касаба уюшма аъзолик бадаллари тушумини смета асосида сарфланишини ташкил этиш, молиявий ҳужжатларни расмийлаштириш, ишни режалаштириш, иш юритишни ташкил этиш ҳамда касаба уюшмасига аъзолик афзалликлари, нодавлат сектори корхоналари ходимларини касаба уюшмаларига жалб этиш, оммавий ахборот воситалари ва расмий веб-сайтлардан кенг фойдаланиш каби мавзулар ҳам назардан четда қолмади.
Ташкил этилган очиқ мулоқотда иштирокчиларнинг кўплаб турли йўналишдаги саволларига жавоб берилди, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди. Мазкур очиқ мулоқот касаба уюшмалар фаолиятида албатта ижобий натижада беради деган умиддамиз.