«Энг фаол электромонтёр» танлови ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси ҳамкорлигида, Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида “Энг фаол электромонтёр” танлови ўтказилди.

Танловдан кўзланган асосий мақсад — ёшларнинг касбий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг танлаган касбига бўлган қизиқишини кучайтириш, иқтидорли мутахассисларни аниқлаб, рағбатлантириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштиришдан иборат.

Тадбир иштирокчиларга ўз салоҳиятини амалда намоён этиш, касбий маҳоратини ошириш, техник билим ва тажрибасини чуқурлаштириш учун қулай имконият бўлди. Баҳолаш жараёни тажрибали муҳандислар, техник назорат мутахассислари ва соҳа етакчиларидан иборат ҳайъат томонидан шаффофлик ҳамда адолат мезонларига асосланган ҳолда амалга оширилди.

Тадбир очилиш маросимида сўзга чиққан “Ўзбектелеком” АЖ  Марказий филиали  бош муҳандиси Абдусаид Абдуллаев шундай деди:

–Биз учун ҳар бир электромонтёр – бу орқа фонда қолаётган қаҳрамондир. Уларнинг меҳнати туфайли бутун мамлакат ахборот-коммуникация тизими узлуксиз ишламоқда. Танлов эса уларнинг фидокорлигини қадрлаш, ёш авлод учун эса ўрнак бўлишга хизмат қилади.

Финал босқичи икки асосий қисмдан иборат бўлди: назарий тестлар ва амалий машқлар. Назарий қисмда иштирокчилар электр хавфсизлиги қоидалари, тармоқларни диагностика қилиш, модернизация ва янгиланишлар бўйича саволларга жавоб беришди. Амалий қисм эса электромонтёрларнинг мураккаб электр тизимларини қисқа фурсатда тузатиш, авария ҳолатларида тўғри қарор қабул қилиш каби кўникмаларини синовдан ўтказди.

 “Ўзбектелеком” АЖ  Миробод тумани  бўлимида фаолият кўрсатувчи 7 йиллик тажрибага эга электромонтёр Моҳиржон Самуқов шундай деди:

– Устоз электромонтёрлар ҳар бир сим ортида бутун тизим турганини ҳис қилиб ишлаш лозимлигини ўргатишган. Биз электр токи билан эмас, ишонч билан ишлаймиз. Ҳар бир хизматимиз – одамлар ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилади. Мен бу танловда ўз устозларим билан тенгма-тенг беллашдим. Бу – менинг ҳаётимдаги энг катта мотивация бўлди.

Тажрибали муҳандислар, техник назорат мутахассислари ҳамда соҳага оид етакчи экспертлардан иборат ҳайъат аъзолари томонидан ўтказилган баҳолаш натижаларига кўра, “Энг фаол электромонтёр” танловининг энг яхши уч жамоаси қимматбаҳо эсдалик совғалари ва диплом билан тақдирланди. Бундан ташқари, барча финалчилар махсус сертификатлар билан мукофотланди.

Касбга бўлган меҳр ва ўзаро ҳурмат муҳитида ўтган беллашув “Ўзбектелеком” тизимида фаолият юритаётган электромонтёрлар орасида ҳақиқий бирлик, жамоавий руҳ ва касбий фидойилик борлигини яна бир бор кўрсатди. Келгусида бу каби танловлар электромонтёр касбининг обрўсини оширишга, ёш мутахассисларни илҳомлантиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Феруза РАҲИМОВА,

Қувонч ТЎРАЕВ,

ISHONCH