Соҳа ёшлари учун саёҳат уюштирилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага олиб чиқилди десак муболаға бўлмайди. Боиси, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилаётган имкониятлар кўлами йил сайин ортиб бормоқда.

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан «Ўзбектелеком» АК Жиззах филиалининг бир гуруҳ фаол ёш ходимлари ҳам бу борада йўлга қўйилган имкониятлардан баҳраманд бўлишди.

Яъни, Президентимизнинг 2021 йил 9 февралда тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6165-сон Фармони ҳамда 2022 йил 30 апрелда қабул қилинган «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-232-сон қарорига асосан жорий қилинган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида Филиал ёшлари иштирокида Бухоро вилоятининг тарихий обидаларга бой ҳудудларига саёҳат уюштирилди.

Компаниянинг Жиззах филиали касаба уюшма қўмитаси ҳамда ёшлар етакчилари ташаббуси билан ташкил этилган саёҳат давомида ёшлар Бухоронинг тарихий қадамжолари ва уларнинг мамлакатимиз тараққиётига ҳамда нафақат халқимиз, балки дунё тамаддунининг юксалишига қўшиб келаётган ҳиссаси ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан таништирилди.

Айтиш керакки, бу каби маданий тадбирларнинг ташкил этилиши жамоа ўртасида баҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда иш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

«Ўзбектелеком» АК Ахборот хизмати