“UZTELECOM” жамоаси волейбол бўйича Ўзбекистон кубогини қўлга киритди

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида эркаклар жамоалари ўртасида волейбол бўйича Ўзбекистон кубоги учун XXVIII чемпионат бўлиб ўтди.

Юқори савияли ўйин намойиш этган “UZTELECOM” (“Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси) жамоаси яна бир бор мусобақада ғолиб чиқиб,  волейбол бўйича Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли,  айниқса,  ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, халқаро спорт майдонларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусдан бири айнан ушбу йўналишга қаратилган.

Ўз навбатида, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси томонидан фаол ва иқтидорли ишчиларни, айниқса, ёшларни аниқлаш мақсадида вақти-вақти билан турли кўрик-танловлар, маданий-маънавий, спорт-интеллектуал тадбирлар ўтказиб келинмоқда, улар турли мусобақа ва кўрик-танловларда иштирок этиб келишмоқда. “UZTELECOM”  жамоасининг волейбол бўйича эркаклар жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубоги учун ўтказилган XXVIII чемпионатида иштирок этиши ана шундай қадамлардан бири бўлди. Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақалар 1992-йилдан бошлаб ҳар йили ўтказиб келинади.

Мусобақа якунларига кўра, учинчи ўринни икки жамоа – МҲСК (Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги) ва “Бувайда тадбиркор” (Фарғона вилояти) жамоалари эгаллади, кумуш медал ОКМК жамоаси (Олмалиқ шаҳри)га насиб қилди. Ўзбекистон кубогини “UZTELECOM”  (“Ўзбектелеком” АК) жамоаси қўлга киритди.

Совриндорларни тақдирлаш маросимида кучли учликка кирган жамоалар диплом,  медал ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Манба: http://uztelecom.uz