МУНОСИБ ЭЪТИРОФ

Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларда энг катта жамоат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмаларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ўтган беш йил касаба уюшмалари ҳаётида туб бурилишлар даври бўлди. Айни пайтда соҳа тизимида 230 бошланғич ташкилот фаолият кўрсатиб, уларда 65 минг нафардан зиёд аъзо меҳнат қилаётир.

2019 йилнинг 6 декабрида давлатимиз раҳбари томонидан «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун имзоланди. Бу касаба уюшмаларига ходимларнинг ижтимоий-меҳнат  соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама  қўллаб-қувватлаш йўналишидаги фаолиятини юқори босқичга олиб чиқиш учун янада катта имкониятлар эшигини очди.

Касаба уюшмаларининг меҳнат инспекцияси қайта тикланди. Соҳани етук ва малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси ташкил этилди. Ўтган йилнинг 11 ноябрида мустақил давлатимиз тарихида илк бор давлат раҳбари касаба уюшмалари Федерациясининг Қурултойи қатнашчиларига табрик йўллади. 2020 йил 23 ноябрдаги қонун билан эса 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни сифатида белгиланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан якунланаётган йил сарҳисоби сифатида ўзининг муносиб меҳнатлари билан ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига ҳисса қўшган энг фаол, энг фидойи, энг ташаббускор инсонлар меҳнатини эътироф этиш анъанага айланди.

Жорий йилнинг 11 ноябр куни “Касаба уюшмалари куни” муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбир давомида Ватан тараққиёти, унинг қудратини юксалтириш йўлида фидоийлик кўрсатиб келаётган, касаба уюшмалари нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Ehtirom nishoni” билан тақдирланди.

Қувонарлиси “Ehtirom nishoni” совиндорларини тақдирлаш тадбирида соҳа меҳнаткашларини маънавияти ва маданиятини юксалтириш, ходимлар фарзандларини соғломлаштириш, оилавий театр, концерт, музейларга ташрифлар, маърифий ва спорт тадбирларини юқори савияда ўтказилишидаги фаол иштироки учун Республика миқёсида нуфузини оширишга салмоқли ҳисса Республика кенгашининг ташкилий ишлар бўйича мутахассиси Гулямова Гулчеҳра Эрматовна Федерация Кенгашининг алоҳида эҳтиромига сазовор бўлди.

Шунингдек, жорий йилдан эътиборан самарали меҳнати, эришган ютуқлари билан соҳаларда ҳамда касаба уюшмаларининг нуфузини юксалтиришга ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ соҳа вакилларини муносиб тақдирлаш мақсадида «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофоти таъсис этилди.

Бундан буён мазкур мукофот ҳар йили соҳа фидоийларига топшириб борилиши таъкидлаб ўтилган тадбирда ушбу мукофотнинг дастлабки совриндорлари тақдирланди.

Соҳамиздан «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофоти «Digital Holding» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси Бош директори Кравченко Владимир Владимировичга насиб этди.

 

Мукофотлар муборак бўлсин!