Яхши дам - меҳнатга ҳамдам

Жамоавий дам олиш меҳнат жамоалари учун нафақат биргаликда мароқли вақт ўтказиш, балки ходимларни рағбатлантириш ва бирлаштиришнинг самарали воситасидир. Бундай тадбирлар туфайли иш самарадорлиги ошади, ташкилот муҳити яхшиланади ва ходимлар аро муносабатлар янада мустаҳкамланади.

Шу каби омилларни инобатга олган ҳолда, "UNICON.UZ" - Фан- техника ва маркетинг тадқиқодлари маркази давлат унитар корхонаси Касаба уюшмаси ва раҳбарияти томонидан ходимлар учун эсда қоларли жамоавий ҳордиқ ташкиллаштирилди. Тадбир 19-20 июнь кунлари Бўстонлиқ тумани, Оқ-тош ёнбағридаги "Нилуфар" дам олиш зонасида бўлиб ўтди.

Марказ ходимлари Ilm.uz, M-Kas, Unitest, Qalqon, Иқтисодчи жамоаларига бўлиниб, турли спорт беллашувларида иштирок этишди. Шартлар мураккаб бўлишига қарамай, иштирокчилар уларни мароқ билан бажаришди. Қизғин руҳда ўтган мусоқада Ilm.uz жамоаси биринчиликни қўлга киритди. Qalqon жамоаси иккинчи, Unitest эса учинчи ўринга эга бўлди. Ҳордиқ турли мусобақалар ва ўйин-кулгу билан давом этди. Жумладан, “Бойланган оёқлар”, “Футболка кийиш”, “Қувноқ сув эстафетаси”, “Денгиз қароқчилари” каби ўйинлар уюштирилди. Танловда иштирок этган жамоалар эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Душанба янги куч билан тетик ҳолда ишга қайтиш учун шаҳар шовқинидан ҳоли тинч муҳит, тоғ ҳавоси ва кўтаринки кайфият айни муддао бўлди.