Ҳуқуқий саводхонликни ошириш зарурияти – давр талаби

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси тизимида фаолият юритаётган бошланғич ташкилотларда касаба уюшма фаолларининг хуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.

Жумладан,  жорий йилнинг феврал-май ойларида Республика кенгаши раҳбариятининг топшириғига ва тасдиқланган иш режасига мувофиқ, ҳамкор Вазирлик масъул ходимлари ва иш берувчилар вакиллари иштирокида вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 28 та корхона ва ташкилотларда ходимлар билан бевосита очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлар ва хуқуқий машғулотлар ташкил этилиб, уларда қиёфаси янгиланиб бораётган юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли хуқуқий ислоҳотлар, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд тоифаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинаётган норматив-хуқуқий хужжатлар аҳамиятини тушунтириш бўйича тарғибот ишлари савол-жавоблар, муҳокама ва мунозаралар тарзида ўтказилган.

Мисол учун, 2021 йилнинг феврал-март ойларида “UNICON.UZ” - давлат унитар корхонаси ҳамда Тошкент ахборот технологиялари Университетида бошланғич касаба уюшма ташкилотлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида” қонуни мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида давра суҳбати ва ўқув машғулоти ташкил этилди, 70 нафардан кўпроқ иштирокчиларга ушбу қонун ва фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларига оид норматив-меъёрий хужжатлар тўғрисида маълумотлар кўргазмали тарзда, “слайдлар” воситасида  берилди.

Қайд этиш жоизки, янги таҳрирдаги “Касаба уюшмалари тўғрисида” қонун 2019 йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган ва 2020 йил 7 март кунидан амалга кирилган. Мазкур Қонун 9 та боб, 56 та моддадан иборат бўлиб, у аввалги қонунга нисбатан мазмунан такомиллаширилгани, янги қоидалар ва нормаларни ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир.