Меҳрибонлик уйига ҳомийлик ёрдами кўрсатилди

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни энг қувончли байрам сифатида бутун дунё бўйлаб кенг нишонланади. Навқирон авлоднинг камолоти йўлида ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, уларнинг ижодий –интелектуал салоҳиятини юксалтириш, ижтимоий холати, миллатидан қатъи назар, болаларнинг эзгу орзулари ижобати йўлида кенг имкониятлар эшигини очиб бериш давлатимиз сиёсатининг уствор йўналишларидан бирига айланган.

Аслида ўсиб келаётган ёш авлодни ҳимоя қилиш замирида ҳаётни, унинг давомийлигини асраб-авайлаш моҳияти ётади. Улар тўғрисидаги ҳар қандай ғамхўрлик эса юрт равнақи учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевор демакдир. Бугун эртамиз эгаларига кўрсатилаётган эътибор келажакда уларнинг Ватанига садоқатли, жисмонан ва маънан баркамол бўлиб етишишида муҳим омил ҳисобланади.

Болалар ҳуқуқларини халқаро-ҳуқуқий асослари ҳақида гап бораркан, бу борада 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган БМТ болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 9 декабрида ратификация қилинганлигини эслаб ўтиш жоиз. Мазкур ҳужжат бола ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонунчиликни ривожлантиришнинг мукаммал андозаси бўлиб, мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини босқичма-босқич ислох этиш ва қонунчиликни такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.

Шу кунга қадар юртимизда вояга етмаганларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кўзда тутувчи  қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, болаларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, мустақиллигимиз ва тинчлигимизга раҳна солувчи ҳаракатларга қарши тарғибот-ташвиқот ишларини йил бўйи манзилли ташкил этишда ҳамда миллий қадрият ва урф-одатларни ёш авлод онгига сингдиришда касаба уюшмаларининг фаол иштироки таъминланмоқда.

Болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун қулай шарт-шароит яратиш, қизиқишлари бўйича тўғри йўналтириш, спортга жалб қилиш, соғломлаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 1 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг 2021 йилга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик бўйича қўшма тадбирлар режасининг 53-банди асосан Жиззах шаҳридаги замон талабига тўлиқ жавоб берадиган қилиб тўлиқ таъмирдан чиқарилган 29-сонли Меҳрибонлик уйига ташрифи амалга оширилди.

Жумладан, Республика кенгаши томонидан ташкил этилган мазкур ташриф жараёнида Республика кенгаши раиси А.Ишанходжаев, ёшлар масалалари бўйича раис маслаҳатчиси М.Хайдаровлар меҳрибонлик уйи тарбияланувиларини байрам билан табриклаб, болаларжонларга қулай шариот яратиш мақсадида маиший техникалар ҳамда болаларга мўлжалланган адабий, тасаввурни кенгайтирувчи ва чет тилларини ўрганишга ёрдам берувчи китоблар тақдим этди.

Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак. Ўзбек халқи азал-азалдан болажон халқдир. Юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг гувохи бўласиз.

Фарзандлар кўзидаги қувончни кўриб, қалбингизга фахр ва ғурурга тўлади. Ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда, уларн турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилишда ҳамда миллий қадриятларни ёш авлод онгига сингдиришда касаба уюшмалари харакатлари доимий бўлади.