“Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳафталиги” доирасида видеосеминар

Жорий йил 29 апрел куни “Ўзбектелеком” АК “ЎзМобайл” филиалида, 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳафталиги” доирасида, Алоқа тарихи музейида ҳафталикка бағишланган видеосеминар бўлиб ўтди.

Видеосеминарга “Ўзбектелеком” АК “ЎзМобайл” филиали директор ўринбосари А.Нуритдинов раислик қилди. Видеосеминарда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик), меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси хизмати етакчи мутахассиси М.Усмановга маъруза қилиш таклиф этилди.

Ушбу видеосеминарда Алоқа тарихи музейидан “Ўзбектелеком” АК “ЎзМобайл” филиали ишчи-ходимлари, вилоят марказий студияларидан ҳудудий боғлама бошлиқлари ҳамда муҳандис-техник ходимлар иштирок этдилар.

Дастлаб видеосеминарда “Ўзбектелеком” АК “ЎзМобайл” филиали меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси гуруҳи бошлиғи Н.Курбаниязов 2020 йил давомида ва 2021 йил 1-чорагида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича бажарилган ишлар, амалга оширилган тадбирлар ҳамда қилинган сарф-ҳаражатлар тўғрисида ахборот берди. Шундан кейин, “Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳафталиги”ни ўтказишдан мақсад ва вазифалар тўғрисида қисқача тушинтириш берди.

Вазирликнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси хизмати етакчи мутахассиси М.Усманов сўзга чиқиб,  Халқаро меҳнат ташкилотини ташкил этилиш тарихи, уни асосий иш вазифалари тўғрисида қисқача маълумот берди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Қонун ва қонун ости ҳужжатлари тўғрисида, фуқаролик-ҳуқуқий келишувга асосан ишчиларни ёллаш, уларга ўз вақтида йўл-йўриқлар берилиши ҳамда шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш тартиблари тўғрисида айтиб ўтди.

Филиал директор ўринбосари А.Нуритдинов сўзга чиқиб, тармоқни эксплуатация қилиш, қуриш ва ривожлантириш жараёнида ходимлар меҳнат муҳофазаси бўйича қоида, низом, йўриқнома ва меъёрлар талабларига қатъий риоя қилишларини таъкидлаб ўтди. Ушбу ишларни ўз вақтида назорат қилиш таркибий бўлинма раҳбарлари ҳамда ҳудудий боғлама бошлиқлари зиммасида эканлигини ҳамда ҳар қандай турдаги ишлар наряд ва наряд-топшириқ асосида олиб бориш кераклигини айтди.

Видеосеминар сўнгида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.