ИШ БЕРУВЧИЛАРГА КАСАБА УЮШМАЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН МАЗМУН-МОҲИЯТИ ТУШУНТИРИЛДИ

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларнинг самараси бугун жамиятимиз ҳаёти ва халқимиз турмушидаги ижобий ўзгаришларда яққол намоён бўляпти.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга ошириш доирасида олиб борилаётган улкан ишлар ҳаётимизда мутлақо янги босқични бошлаб берди. Ишлаб чиқаришнинг турли жабҳаларида меҳнат қилаётган ходимларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ҳам тараққиётимизга мос равишда яхшиланиб боряпти.

Мазкур жараёнларда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ижтимоий шериклик тамойили асосида “Ўзбектелеком” АК билан ҳамкорликда янги муддатга қабул қилинган Ягона жамоа шартномаси орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларни бандлигини таъминлаш, меҳнат муҳофазаси йўналишидаги ишлар сифатини ошириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари турмуш фаровонлигини яхшилаш борасида муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, ҳар йили “Ўзбектелеком” АК тизимидаги филиаллар директорлари ва бош бухгалтерларини малакасини ошириш, фаолиятларини янада самарали ташкил этишда услубий ва амалий ёрдам бериш борасида ўқув ташкил этилади.

Бу йилги ўқув машғулотлари Тошкент вилояти, Қибрай туманида янгитдан барпо этилган “Навбаҳор” соғломлаштириш масканида ташкил этилган бўлиб, ўқув жараёнидан бўш вақтларда иштирокчиларни соғломлаштириш ва бошқа маданий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири томонидан ўқув дастури тасдиқланган.

Мазкур ўқув дастури мавзулари бўйича Олий Мажлис депутатлари, Сенаторлар, турли йўналишда фаолият юритаётган профессорлар жалб этилган.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси А.Ишанходжаев томонидан ўқув машғулот иштирокчиларига Вазирлик ва “Ўзбектелеком” АК  рахбарияти билан ижтимоий шериклик борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берилди. 

Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан меҳнат қонунчилиги талабларига ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг асословчи конвенцияларига риоя этиш, иш ҳақини ўз вақтида тўланиши, энг кам меҳнат ҳақи Ягона тариф сеткасининг биринчи разряди ставкасидан кам бўлмаслиги устидан назоратни кучайтириш, меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг тариф қисми ва тарифга қўшимча қисми ўртасидаги мақбул нисбатни жамоа шартномалари воситасида ўрнатилишини таъминлаш ишларига ҳам эътибор қаратилганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Шунингдек, бошланғич ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун, Тармоқ келишуви, Ягона жамоа шартномаси ва Республика кенгаши томонидан ишлаб чиқилган Услубий қўлланма чоп этилиб барча бошланғич ташкилотларга етказилганлигини маълум қилди. 

Республика кенгаши бош мутахассиси Ю.Гапуров Касаба уюшмалари томонидан ходимларни ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси бўйича амалга оширилган ишлар, айниқса янги тахрирдаги “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунни ва 2019-2020 йиллар мобайнида қабул қилинган Фармонлар, Қарорлар мазмун-моҳиятини слайдлар орқали, айниқса касаба уюшмалари инспекциялари борасида тушунтиришлар берилди.

Компания бўйича 2020 йилда меҳнат муҳофазаси тадбирларини амалга ошириш,  бу борада йўл қўйилган камчиликлар ҳамда ходимлар томонидан берилган ариза ва шикоятларни тахлили юзасидан ахборот берилди.

Асосий эътибор бугунги кунда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, филиалларда меҳнат муносабатлари, бандлик ва меҳнат муҳофазасига оид қонун ҳужжатларида назарда тутилган кафолатларни Ягона жамоа шартномаси орқали янада ривожлантириш ва такомиллаштириш орқали амалга ошириш давр талаби эканлиги қайд этилди.

Ўқув машғулот иштирокчилари томонидан берилган саволларга аниқ тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Машғулот якунида А.Ишанходжаев келгусида ходимларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси юзасидан ишларни янада самарали олиб боришга Республика кенгаши ҳамкорликка ҳамда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.