Амалга оширилган ишларга назар

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги “Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази” давлат унитар корхонаси (“РРТМ” ДУК) республика ҳудудида давлат, нодавлат ва хорижий телерадиоэшиттиришларни аҳолига етказиб бериш хизматини тақдим этувчи давлат ташкилот ҳисобланиб, бугунги кунда корхонада 1000 нафардан ортиқ ходим меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.

Бугунги кунда радио ва рақамли телерадиоузатиш имконияти бўлган тармоққа эга бўлиб, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва нодавлат телерадиокомпаниялар буюртмасига биноан, уларнинг теле ва радиодастурларини шартнома асосида ер усти телерадиоузатиш тармоқлари ва ер сунъий йўлдоши алоқа тизимлари орқали узатиш фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, буюртма асосида хорижий радиодастурлар асосида қисқа тўлқинли диапазонида узатилишини таъминлайди.

2020 йил давомида “РРТМ” ДУК томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказларида рақамли телеузаткичлар орқали қўшимча HD форматда “Sevimli TV” ҳамда Навоий вилоятида Лангар РТСда маҳаллий нодавлат “ТТВ Тўрткўл телевиденияси” телеканалини  эфирга узатилишини йўлга  қўйди.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш юзасидан мамлакатимизда жорий этилган карантин даврида мактаб болаларнинг онлайн режимида масофадан таълим олишини таъминлаш мақсадида 1-4 синфлар, 5-8 синфлар ва 9-11 синфлар учун 3 та телевизион каналлар орқали «Online-maktab» телевизион видеодарс машғулотларини республика бўйича ер усти рақамли телевидение тармоқлари ҳамда ер сунъий йўлдоши алоқа тизимлари орқали тарқатилди.

Шунингдек, пандемия даврида аҳолига янада қўлайлик яратиш мақсадида «Индийское кино», «Дом кино», «Discovery Channel», «Disney channel», «Euronews»  каби тижорат телеканаллари очиқ режимда узатилиши таъминланди.

Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк Ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати ташкил этилган тадбирни алоҳида телеканал орқали Иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилганлар хонадонларидан тўғридан-тўғри кўриш имконияти яратиб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлар дастури асосида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг Сўх телеканалини қамровини янада кенгайтирилди.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Чорвоқ” дам олиш масканида хорижий телеканаллар қамров ҳудудини кенгайтириш бўйича “UzDigital TV” МЧЖ тижорат телеканаллар сони оширилди.

Республиканинг бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларида яшовчи аҳолини рақамли телевидение билан таъминлаш мақсадида Жиззах вилоятининг Илонли, Тераклисой, Конгли, Хўжакумушкент ҳамда Қашқадарё вилоятининг Қоракўз, Янгиобод, Дуконхона ва Омонота ҳудудларда, “UzDigital TV” МЧЖнинг хорижий телеканаллар қамровини кенгайтириш мақсадида, Хоразм вилоятининг Питнак РТС ва Тошкент вилояти Шовозсой дам олиш масканига кам қувватли рақамли телеузаткичлар ишга туширилди.

Радиотелевизион узатиш станция объектларини ишчи ҳолатда сақлаш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш ҳамда ушбу объектларда фаолият олиб бораётган ишчи ходимларга қулай иш шароит яратиш мақсадида 2 та занжирли махсус ишлаб-чиқариш технологик транспорт воситалари харид қилинди.

Наманган вилоятида жойлашган Косонсой радиотелевизион марказининг маъмурий биноси фасад ва ички қисмлари ҳамда ҳудуднинг девори мукаммал таъмирланди, техник ходимларга қулай шарт-шароитлар яратилди.

Шунингдек,  “РРТМ” ДУК касаба уюшмаси қўмитаси томонидан катор маданий учрашувлар ўтказиб келинди. Хусусан, Зангиота туманидаги 3-сон Радиостанция ходимлари билан “Очиқ мулоқот” давра суҳбати ўтказилди. “Очиқ мулоқот” тарзида ўтказилган давра суҳбатида йиғилиш қатнашчиларига иш жойларидаги қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси ҳолатини яхшилаш ҳамда ишлаб чиқаришда жароҳатланиш профилактикасига йўналтирилган тадбирларни ташкиллаштириш ва амалга ошириш учун корхонанинг ҳар йиллик бизнес-режасида ушбу мақсадлар учун зарур маблағлар ажратилиши кўзда тутилганлиги, ва бошқа масалаларда маълумот бериб ўтилди.

Меҳнат жамоаси конференциясининг қарори билан 2020-2023 йиллар учун мўлжалланган янги таҳрирдаги “РРTM” ДУК Жамоа шартномаси қабул қилинди. Қувонарлиси, ушбу жамоа шартномасига ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш ва қўшимча имтиёзларни жорий қилиш бўйича бир қанча қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, корхона ходимларининг санитария-эпидемиологик муҳитини таъминлаш ва саломатлигини муҳофаза қилиш,  алоқа соҳасидаги иш стажи учун тўланадиган қўшимча ҳақ миқдори ўртача 60 фоизга оширишга қаратилган бандлар киритилди.

Келгусида корхона ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш, қулай иш шароитларини яратиш ва ходимларни бошқа йўналишлардаги кафолатларини янада яхшилаш каби чора-тадбирларни амалга оширишда давом этади.