ТАЛАБАЛАР МАҲОРАТ ДАРСИДА

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали талабалари ва профессор-ўқитувчилари учун вилоятдаги соҳа ташкилот ва корхоналар томонидан режа асосида мастер класслар, семинар-учрашувлар ўтказилиши самарали йўлга қўйилган.

Режага кўра, телекоммуникация йўналишида таҳсил олаётган 3-босқич талабалари “Ўзбектелеком” АК “Телекоммуникация транспорт тармоғи” филиалининг 8-техник боғламасида бўлди. Боғлама бошлиғи Ҳамид Раҳимов ва муҳандислари талабаларга “Оптик толали алоқа линияларининг қурилиш жараёнлари ва уларга техник хизмат кўрсатиш (пайвандлаш)” мавзуида маҳорат дарси ўтказишди. Маҳорат дарсида компютер ва телекоммуникация тармоқларида бир неча турдаги кабеллар қўлланилиши ҳақида атрофлича назарий ва амалий маълумотлар берилди. Жумладан, экранлаштирилмаган ўрама жуфт UTP (Unshielded Twister Pair), экранлаштирилган ўрама жуфт STP (Shielded Twister Pair), коаксиал кабел (“йўғон” ёки “ингичка”), оптик толали кабелларнинг тузилиши ва параметрлари кўриб чиқилди.

– Оптик толали кабел қаттиқ шиша қобиқ билан ўралган ва ташқи ҳимоявий пластик қобиққа эга бўлган юпқа ихчам шиша толалардан иборат эканлигини амалиётда кузатдик, – дейди 3-босқич сардори Бекзод Ҳамраев. – Битта кабелда бир неча юзлаб бундай ўтказгичлар бўлиши мумкинлиги, кўп толалар сонига эга бўлган оптик толали кабел бўйлаб кўп миқдордаги хабарларни узатиш имконияти борлиги, оптик толали кабел бўйлаб маълумотларни узатиш тезлиги жуда юқори бўлиши, бундай кабелларнинг қиммат туриши ва ва ундан компютер тармоқлари телекоммуникацияларининг магистрал, юқори тезликли сегментларни ётқизишда фойдаланилиш юзасидаги билимларимизни мустаҳкамладик.

Маҳорат дарси жараёнида оптик алоқанинг ривожланиш тарихига назар ташланиб, талабалар инсон ахборотларни узоқ масофаларга узатишда оптик сигналлардан фойдаланганлиги, Ўзбекистон телекоммуникация тизимининг кўплаб йўналиши бўйича дунёнинг жуда кўп мамлакатларига чиқадиган тўғридан-тўғри халқаро каналлари мавжудлиги ва буларда ҳам толали оптик  ва сунъий йўлдошли тизимлардан фойдаланилаётгани ҳақида тушунчаларга эга бўлишди. Шунингдек, оптик алоқанинг асосий йўналиши толали оптик алоқа ҳисобланиши, юқори даражадаги узатиш характеристикаларига эга бўлган нур ўтказувчи толалар ишлаб чиқарилаётгани, ахборотни толали оптик алоқа линиялари орқали узатиш мис кабеллар ва бошқа узатиш муҳитларига қараганда бир қанча афзалликларга эга эканлиги, шу афзалликлари туфайли толали оптик алоқадан нафақат телефон алоқасини ташкил этишда, балки телевидениеда, овоз эшиттиришларини узатишда, ҳисоблаш техникасида, транспорт воситалари ва бошқа соҳаларда кенг фойдаланилаётганлиги тушунтирилди.

Афтондил ИСМОИЛОВ,

“Xabar”нинг Қашқадарё вилоятидаги мухбири