Фаолиятимизга янгича руҳ бағишлайди

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини бевосита кўрган ва эшитган ҳар бир инсон ўзига хос таассуротга эга бўлди, ўринли хулосалар чиқара олди.

Президентимиз таъкидлаганидек, замонавий дунёда рақамли технологиялар барча соҳаларда ҳал қилувчи ролни ўйнайди.
2019 йилда Ўзбекистон ахборот коммуникацияси ва технологияларни ривожлантириш халқаро индекцияда ўз позициясини 8 поғонага яхшилади, аммо у бошқа давлатлардан ҳамон ортда қолмоқда.
Президентимиз илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича вазифаларни белгилаб берар экан, жорий йилда «рақамли иқтисодиёт»ни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилишимиз лозимлигига алоҳида тўхталди. Шу билан бир қаторда, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозимлигини қайд этди.
Бу вазифаларни кўзда тутган ҳолда «Рақамли Ўзбекис­тон – 2030» дастурини ишлаб чиқишни икки ой муддатда якунлаш, келгусида бу ишларни тизимли ташкил этишга бош-қош бўлиш учун Ҳукуматда Бош вазир ўринбосари, вазирлик ва идораларда ҳамда ҳокимликларда эса алоҳида ўринбосар лавозимлари жорий этилади. Шу билан бирга, «Электрон ҳукумат» тизимини, амалга оширилаётган дастурлар ва ­лойиҳаларни танқидий қайта кўриб чиқиб, барча ташкилий ва инс­титуционал масалаларни комплекс ҳал этиш асосий масалалардан бирига айланмоқда.
Тошкент шаҳрида замонавий инфратузилмага эга бўлган «IT-парк» барпо этилгани ва ҳозирги кунда у ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлагани хусусида гап борар экан, жорий йилда бундай «IT-парк»лар Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулис­тон ва Урганч шаҳарларида ҳам ташкил этилиши ахборотлаштириш соҳасида туб ўзгариш­лар бўлишидан далолатдир.
Соҳа учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда «1 миллион ­дастурчи» лойиҳасининг амалга оширилиши эса ёш иқтидорларнинг иновацион ғояларини ҳаётга татбиқ этилишига замин яратиши муқаррар.
Яна бир муҳим вазифалардан бири – таълимнинг барча босқичларида халқаро андазаларга тўлиқ жавоб берадиган ахборот технологиялари жорий этилиши истиқбол учун қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир.
Ўтган йили барча шаҳар ва туман марказларини юқори тезликдаги Интернетга улаш ишлари якунланганини ҳисобга олган ҳолда яқин 2 йилда барча ­қишлоқ ва маҳаллаларни ана шундай тезкор интернет билан таъминлашдек вазифа турибди. Хусусан, ҳозиргача 7 мингдан ортиқ соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар юқори тезликдаги интернетга уланган бўлса, кейинги 2 йилда яна 12 мингта муассаса тезкор интернетга уланади.
Мурожаатномадан ўзимиз учун кўплаб вазифалар белгилаб олдик. Ундаги айрим масалалар қалбимиздаги истак бўлиб, узоқ йиллардан буён кутилаётган ислоҳотлардан хушхабар берса, кўтарилган баъзи фикрлар биз учун мутлақо янгилик сифатида янгради. Улар фаолиятимизга янгича руҳ бағишлашига, шубҳа йўқ.

 

Асрор ИШАНХОДЖАЕВ,


Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация

ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси