Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташаббуси билан Янги йил байрами муносабати билан жорий йилнинг 28 декабр куни 49 нафар почта ходимларининг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди.
Самарқанд шаҳри қадимдан ер юзининг сайқали дея эътироф этиб келинган. Бу қадимий шаҳар ҳақида жуда кўп тарихий манбаларда маълумотлар келтирилган. Самарқанд қадимдан ўзининг бетакрор гўзаллиги, ажойиб об-ҳавоси, ширин суви ва мазали нонлари билан дунёга машҳур шаҳар бўлган. Айниқса, соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқанд гуллаб яшнаган, савдо-сотиқ марказига айланган ва энг юксак камолотга етган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан савдогарлар ва сайёҳлар бу шаҳарни бир маротаба кўришни орзу қилишган. Ҳазрат Навоий ҳам бу шаҳарда бўлиб, унинг бетакрор гўзаллиги ҳақида асарларида ёзган. Ажойиб шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Самарқанд шаҳрини беқиёс қадрлаган. Европа давлатларининг ҳукмдорлари бу шаҳарни зиёрат қилишни ўзлари учун шараф деб билганлар.
Орадан қанча асрлар ўтса ҳамки Самарқанд ҳали хануз одамларни ўзига оҳанграбодек жалб қилиб келмоқда. Мустақиллик шарофати билан ўзбек халқининг миллий қадриятлари, урф-одатлари ва анъаналари тикланди. ЮНЕСКОнинг қарорига асосан Самарқанд музей шаҳар деб эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг саъй-ҳаракатлари билан Самарқанд шаҳри ўзгача чирой очди. Имом Исмоил ал-Бухорий номидаги мажмуанинг қайтадан обод қилиниши, тарихий ёдгорликларимизни асраб-авайлаш бўйича қатор чора-тадбирларнинг қабул қилиниши Самарқандни чинакам тарихий музей шаҳарга айлантирди.
Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ташаббуси билан Янги йил байрами муносабати билан жорий йилнинг 28 декабр куни 49 нафар почта ходимларининг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди.
Саёҳат давомида саёҳатчилар навқирон Самарқанднинг қадимий тарихи ва мустақиллик йилларида барпо этилган бунёдкорлик мажмуалари тўғрисида катта таассуротларга эга бўлдилар.
Самарқанд шаҳрига саёҳатдан чексиз таассуротлар билан қайтдик, дейди, Янгийўл тумани почта алоқа боғламаси почтальони Зуҳра Холова. Неча йиллардан бери Самарқандга боришни қалбимга ният қилиб олгандим. Орзуларим байрам арафасида амалга ошаётгани эса қувончимга қувонч қўшди. Бизга қаратилган эътибордан эса жуда ҳам мамнун бўлдим.
Саёхатимиз Имом ал-Бухорий мажмуасини зиёрати билан бошланиб, Регистон майдони, Амир Темур, Шохи зинда мақбаралари, Мирзо Улуғбек расадхонаси зиёрати билан давом этар экан мазкур тарихий обидалар, улардаги нақшинкор безаклар, ганчкорлик намуналари ота-боболаримизнинг илм-фан тараққиётидаги қудрати ва донишмандлиги, инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшганлигига яна бир бор амин бўлдик.
Шунингдек, Самарқанднинг ноёб меъморий обидалари ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шаҳарда барпо этилган маданий-маърифий иншоотлар, сайилгоҳлар ва шаҳарда қад кўтараётган биноларни томоша қилар эканмиз, кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар дея таъриф бериладиган Самарқанднинг ўтмиши қанчалик буюклигидан, кейинги йилларда бу ерда амалга оширилган ўзгаришлар унинг шуҳратини янада ошганлигига гувоҳ бўлдик. Асосийси, тарихи бой, келажаги буюк Ўзбекистонимизнинг фарзанди, юксак ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти билан дунёга машҳур аждодларнинг вориси эканимиздан фахрландик.