Халқаро ҳамкорликлар мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида олиб борилаётган ташқи сиёсат стратегиясида нуфузли халқаро ташкилотлар ва қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масаласи устувор аҳамиятга эга. Бу борадаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда қатор халқаро ташкилотлар ва қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари кучайиб бормоқда.

Жорий йилнинг 21-25 октябрь кунлари Кишинёв шаҳрида, Алоқа ходимлари касаба уюшмаси Халқаро бирлашмасининг Мажлиси ўтказилди. Унда  алоқа ва телекоммуникация ташкилотларининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Алоқа ходимлари касаба уюшмаси Халқаро бирлашмасининг таклифи ҳамда  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация кенгашининг 2019 йилнинг 2 июлидаги 912-сон топшириғига кўра, Кишинёв шаҳрида бўлиб ўтган Мажлисда Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев иштирок этди.

Кишинёв шаҳрига Ташриф доирасида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва Алоқа ходимлари касаба уюшмаси Халқаро бирлашмаси ўртасида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси, маданий ва оммавий ишлар, соғломлаштириш ва дам олишни ташкил қилиш, ташкилотларнинг ташкилий ва молиявий барқарорлигини таъминлаш масалаларида тажриба алмашилди.

Шунингдек, учрашув давомида Республика кенгаши ҳамда Молдова Республикаси алоқа ходимлари касаба уюшмаси Федерацияси ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашув бўйича Меморандум имзоланди.

Эндиликда яна бир имзоланган ўзаро алоқа ва ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум икки мамлакат касаба уюшма қўмиталари ўртасида дўстона ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилади.