Қарор ва ижро

МУАММОЛАР КЎЗГА ТАШЛАНИБ ҚОЛДИ - ДЕЙДИ ЎЗБЕКИСТОН АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА ОММАВИЙ КОММУНИКАЦИЯ ХОДИМЛАРИ КАСАБА УЮШМАСИ РЕСПУБЛИКА КЕНГАШИ РАИСИ АСРОР ИШАНХОДЖАЕВ

Мана, гўзал ва тароватли ёз фасли тугаб, ўлкамизга ўзининг тўкинлиги, қут-баракаси билан куз ҳам кириб келди. Яна мактаб, коллеж ва олий ўқув юртлари ўқувчи ва талабалар билан тўлди. Хўш, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритувчи ходимларнинг фарзандларини ёз мавсумида дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари қай даражада ташкил этилди. Бу борада қандай муаммолар мавжуд. Мухбиримиз билан суҳбатда кенгаш раиси Асрор ИШАНХОДЖАЕВ ана шулар ҳақида гапирди.

- Асрор Асланович, фарзандларимиз бизнинг келажагимиз, эртанги кунимиз эгалари. Юртимиз эртага қай даражада юксалиши уларнинг бугун қанчалар ҳам жисмонан, ҳам маънан баркамол вояга етишларига боғлиқ, шундай эмасми?

- Албатта. Бу борада касаба уюшмаси қўмиталарининг ўрни алоҳида бўлмоғи лозим. Шунинг учун ишлаб чиқаришнинг бошқа жабҳаларида бўлгани  каби ахборот технологиялари  ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳаси тизимидаги корхона ва ташкилотларда ҳам ходимларнинг фарзандларини ҳар томонлама баркамол ўсишларига ёрдам бериш асосий вазифалардан бири  қилиб белгиланган. Алоқа ходимларининг етти ёшдан ўн уч ёшгача бўлган фарзандларини ёзги соғломлаштириш бу борадаги ишларимизнинг бир қисми.

- Ёз фасли тугаб, ўрнини кузга бўшатиб берди -- мактабларда янги ўқув йили бошланди. Алоқачилар фарзандларини болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам олдириш қай даражада ташкил этилди, белгиланган режалар тўлиқ амалга оширилдими?

- Худди шу масала яқинда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ҳайъати ва Республика кенгаши Раёсатининг қўшма йиғилишида кўриб чиқилди. Ҳисоботлардан ўтган давр мобайнида  “2019 йил ёз мавсумида соҳа ходимларининг фарзандларини соғломлаштириш ва дам олишини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги  2019 йил 20 майда қабул қилинган қўшма қарори ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлик тизимидаги акциядорлик жамиятлари, компаниялар, корхона, ташкилот ва муассасалар иш берувчилари ҳамда бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари ҳамкорликда бир қатор зарур ишларни амалга оширишгани маълум бўлди.

Жумладан, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан соҳа тизимида  фаолият кўрсатаётган ходимларнинг етти ёшдан ёшдан ўн уч ёшгача бўлган фарзандлари тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилиб, 2019 йил 1 апрел ҳолатига жами 9131 нафар бола рўйхатга олинди. Уларнинг  4566 нафарини дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилган эди.

2019 йил ёз мавсумида ходимларнинг 2900 нафар фарзанди “Ўзбектелеком” АК Бухоро, Қашқадарё ва “Тошкент шаҳар телефон тармоғи” филиаллари тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида, 2181 нафари ҳудуддаги бошқа соғломлаштириш масканларида, жами 5081 нафар болажон соғломлаштирилиб, белгиланган режа 111 фоизга бажарилди.

- Бу ишлар учун сарфланган маблағлар ҳақида ҳам маълумот бера оласизми?

- Амалдаги жамоа шартномаларига асосан иш берувчилар ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан ходимлар фарзандларини оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш ишларига иш берувчилар маблағи ҳисобидан 2 млрд. 791 млн. сўм, ижтимоий суғурта маблағидан 114 млн. сўм, касаба уюшмаси ташкилотлари маблағи ҳисобидан 322 млн. сўм ва қисман ота-оналар маблағи ҳисобидан
147 млн. сўм, жами 3 млрд. 375 млн. сўм  маблағ сарфланди. Ҳар уч  болалар соғломлаштириш оромгоҳлари 2019 йил ёз мавсумида 5 та навбатда болаларни қабул қилди.

- Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида олиб борилган маданий-маънавий тадбирларга ҳам тўхталиб ўтсангиз?

- Маълумки, бугунги кунда юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг бешта муҳим ташаббусини амалга ошириш борасида қатор ишлар амалга ошириляпти. Биз болаларнинг оромгоҳда ўтадиган қисқа вақтидан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилдик. Жумладан. ташаббусни амалга ошириш давомида ташкил этилган “Янги дўстлар даврасида”, “Соғ танда соғлом ақл”, “Биз гиёҳвандликка қаршимиз”, “Ёз ўтмоқда соз” каби мавзулардаги давра суҳбатлари  қизиқарли тарзда ташкил этилди.

Шунингдек, дам олувчи болаларнинг “Олимпия шон-шуҳрати” музейига бўлган саёҳати жуда мароқли бўлди ҳамда “Ўзбектелеком” АК “Тошкент шаҳар телефон тармоғи”, Қашқадарё, Бухоро филиаллари ёш ходимларидан ташкил топган гуруҳ томонидан 5 та муҳим ташаббуснинг 2- ва 3- йўналишлари бўйича болаларга компютер саводхонлиги  ўқув машғулотлари ўтказилди

Республика маънавият маркази томонидан ишлаб чиқилган Ёзги оромгоҳларда “Маънавият ва маърифат” хоналарини жиҳозлашга оид тавсиялар, Оромгоҳ ҳудудида мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оила, оналик ва болалик мавзуларидаги шиорлар асосида тизимли маънавий-маърифий ишлар олиб борилди.

Оромгоҳда ўтказилган тадбирлар, суҳбатлар, танловлар, ўйинларнинг барчаси болаларнинг вақтлари мазмунли ўтишига ҳамда Ватанини севишга, уни ардоқлашга йўналтирилди. Ушбу тадбирлар, шунингдек болаларнинг саънатга бўлган қизиқишларини оширди. Оромгоҳнинг ҳар бир мавсуми 12 кундан иборат бўлиб, ўтказилган тадбирлар болаларнинг бу ерда ҳар бир дақиқаси қизиқарли бўлишига, уларни соғлом, тетик ва бахтли қилишга харакат қилинди. “Ўзбекистон куни”, “Эртаклар -- яхшиликка етаклар”, “Дунё- ретро- кино” каби  маънавий ва маърифий тадбирлар болалар дунёқарашини юксалтиришга, уларга дунё давлатлари, урф-одатлари, рақслари ва либосларини билиб олишларига сабаб бўлди. Оромгоҳда турли тўгарақлар ҳам фаолият юритди.

- Оромгоҳлар борасида кўнглингиз тўлмаган томонлар ҳам бўлдими?

- Бу борада мени кўпдан  ўйлантириб келаётган бир масалага тўхталмоқчиман. Яъни, имкониятларимиз етарли бўлгани ҳолда республикамизнинг Хоразм, Сурхондарё, Навоий, Наманган, Самарқанд каби вилоятларида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этилмаган. Масалан қорақалпоғистонлик болалар ўзларига яқин Хоразм вилоятида дам олишлари мумкин-ку. Тўғри, ҳар йилгидек бу йил ҳам Вазирлик Ҳайъати ва Республика кенгаши Раёсатининг қўшма қарорига асосан Оролбўйи минтақасида меҳнат қилаётган соҳа корхоналари ходимларининг фарзандларини соғломлаштиришга алоҳида эътибор ва имтиёз берилди, яъни улар учун йўлланмалар  20 фоизга чегирма билан сотилди ва   Қорақалпокистон Республикасидан 78 нафар, Хоразм вилоятидан 86 нафар ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган ҳаракатлари чекланган (болаликдан ногирон) 13 нафар бола мароқли дам олиб, ўз саломатлигини тиклади.

Лекин, юқорида айтганимдай, келгусида санаб ўтиган вилоятларда ҳам болалар соғломлаштириш оромгоҳларини ташкил этса бўлади. Бунинг учун бўш ётган бинолардан фойланиш мумкин. Излаган имкони топади, деганларидай, юқоридаги вилоятлар худудий бошқармалари бу ишга жиддий киришсалар, айни муддао бўлар эди.

Яна бир муаммога тўхталмоқчиман. Афсуски, айрим корхоналар иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмиталари бу йилги соғломлаштириш мавсумида ходимларининг фарзандларини соғломлаштиришдек муҳим ишга жиддий эътибор қаратмадилар. Бунинг оқибатида “Ўзбекистон почтаси” АЖ Бухоро филиалидан 31 нафар, Жиззах филиалидан 18, ТАТУ Нукус филиалидан 15, АТ “Алоқабанк” Бухоро филиалидан 17, Самарқанд филиалидан 14,  Қўқон филиалидан 14, Фарғона филиалидан 22, “Ўзбекистон-Индонезия қўшма корхонаси “ЎзИ-Самарқанд” филиалидан 24,  “UNICON.UZ” ДУКдан 31, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетидан 42 нафар бола болалар соғломлаштириш оромгоҳларига жалб этилмади.

Бу масалада иш берувчилар ва касабақўм аъзолари жиддий ўйлаб кўришларини истар эдим.

-Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Бундан кейинги эзгу ишларингизда омад ҳамиша ҳамроҳ бўлишига тилакдошмиз.

Суҳбатдош

Муборак МИРКАМОЛОВА

 

“Хабар” газетасининг 2019 йил 20 сентябрдаги 38-сонидан олинган