Ютуқлар ўзимизники, камчиликларни бартараф этиш керак

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилишда ютуқлар, амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг раёсат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Республика кенгаши раиси ўринбосари Анвар Аҳмедов бошқарди ва бугунги кунда республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат, жамият ва шахснинг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда касаба уюшмалари фаол иштирок этаётгани хусусида сўз юритди.

Раёсатда республика кенгашининг 2019 йилнинг биринчи ярми давомидаги фаолияти якунлари ва навбатдаги вазифалари, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари алоқа корхоналарида иш ўринлари, меҳнат шароити ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш ҳолатини ўрганиш натижалари, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили Давлат дастури” ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, ходимлар мурожаатларининг таҳлил натижалари ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш масалалари кўрилди. Республика кенгаши раёсатининг иш жараёнларида қабул қилинган қарорлари тасдиқланди.

Республика кенгаши раёсатининг 2019 йил 29 январдаги қарори доирасида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”га мўлжалланган чора-тадбирлари режаси тасдиқланган. Мазкур чора-тадбирлар режаси асосида, касаба уюшма ташкилотлари иш берувчилар билан ҳамкорликда муайян ишларни амалга ошириб келмоқдалар.

Жумладан, тақдим этилган ҳисоботлар таҳлилига кўра:

- ходимларга пенсияга чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш мақсадида 38та ташкилотда жами 189 нафар ходимга 348 млн. 878 минг сўм, шундан 13 млн. 430 минг сўми касаба уюшмаси бюджети ҳисобидан маблағ сарфланган;

— ходимларни юбилей саналари муносабати билан моддий рағбатлантириш ёки қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш мақсадида жами 42та ташкилотда 348 нафар ходимга 427 млн. 098 минг сўм (шундан 34 млн. 890 минг сўми касаба уюшмаси бюджети ҳисобидан) маблағ йўналтирилган;

— ишламайдиган пенсионерлар (корхонанинг собиқ ходимлари)га моддий ёрдам кўрсатиш учун 40та ташкилотда жами 2585 нафар меҳнат фахрийсига 456 млн. 124 минг сўм (шундан 77 млн. 600 минг сўми касаба уюшмаси бюджети ҳисобидан) маблағ сарфланган;

— ёш оилаларга уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун жами 10та ташкилотда 63 нафар ходимга иш берувчи маблағи ҳисобидан 112 млн. 820 минг сўм фоизсиз ссуда ажратилган.

Соҳа ходимларини ҳуқуқий ҳимоялаш, кадрлар хизмати мутахассислари ва касаба уюшма фаолларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг иш шароитларини яхшилаш, бошланғич ташкилотларнинг ҳуқуқий фаолиятини ўрганиш, мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва касаба уюшма аъзоларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда.

Хусусан, олти ой давомида кенгашга келиб тушган 102та мурожаат, шу жумладан, 15та ёзма, 87та оғзаки ва шахсий қабул орқали мурожаатлар кўриб чиқилган.

Эътиборлиси шундаки, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурининг ҳаётга татбиқ этилишида касаба уюшмалари алоҳида ўрин эгалламоқда.

Жорий йилнинг апрел – май ойларида ташкил этилган “Энг фаол ёш ишчи касб эгаси” республика танловида 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёш ишчи-мутахассислар ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари қатнашди.

Таҳлилий-танқидий руҳда ўтган йиғилишда ютуқлар, амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди.

Жумладан, жорий йилнинг биринчи чораги давомида ўтказилган бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари хатловига кўра, ташкилотлар сони ўтган йилга нисбатан учтага ошганига қарамасдан, такомиллаштириш, қисқартириш жараёнларида касаба уюшмаси аъзолари сони 648 нафарга камайган.

“Ўзбекистон почтаси” АЖ, “Ўзбектелеком” АК ва “Матбуот тарқатувчи” АК Сурхондарё филиаллари касаба уюшмаси қўмиталари раислари томонидан шаҳар ва туманлардаги таркибий бўлинмаларида фаолият юритаётган ходимлар меҳнат шароитларини ўрганиш, жамоа шартномалари бажарилишини муҳокама этиш ишлари йўлга қўйилмаган.

Бошланғич касаба уюшмаси ташкилотларида аъзолик бадалларининг тушумини кўриб чиқадиган бўлсак, “Ўзбектелеком” АК филиаллари бўйича Бухоро филиали 21 млн. 345 минг сўм, Фарғона филиали 19 млн. сўм “Ўзбекистон почтаси” АЖ филиаллари бўйича Жиззах филиалида 31 млн. 603 минг сўм, Навоий филиалида 12 млн. 332 минг сўм, Наманган филиалида 14 млн. 411 минг сўм, Тошкент филиалида 14 млн. 408 минг сўм, Фарғона филиалида 16 млн. сўм аъзолик бадалидан қарздорлик мавжуд. Сирдарё филиалида ҳудудий бирлашмага ҳисобланган 4 млн. 787 минг сўм аъзолик бадалларидан ажратма шу давр ичида умуман ҳудудий бирлашмага ўтказилмаган.

Республика филиаллари билан онлайн тарзда бўлиб ўтган тадбирда ютуқлар, камчиликлар ва таклифлар қизғин муҳокама этилди ва керакли топшириқлар берилди. Соҳада муаммоларни бартараф этишга келишиб олинди.