Билимлар янада мустаҳкамланди

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг 2018 йил 29 декабрдаги 12-17 “о” сонли Раёсат қарори асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация Кенгашининг Ўқув марказида жорий йилнинг 21-28 июль кунлари Республика кенгашининг касаба уюшмаси хизматига олинган янги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари касаба уюшмаси қўмиталари раислари ва фаоллари учун 5 кунлик ўқув машғулоти ташкил этилди.

Ташкил этилган ўқув машғулотларида касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини Устав талаблари ва меъёрий ҳужжатлар асосида йўлга қўйиш, ташкилотларда ижро интизоми ва ҳужжатлар билан ишлашда иш юритиш тартиби, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида касаба уюшмаларининг вазифалари, меҳнат муносабатларида ходим ва иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, халқаро шартномаларнинг ҳуқуқий асослари, ижтимоий суғурта ҳамда касаба уюшма бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартиби каби мавзулар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Ўқув машғулотлар интерактив усулда олиб борилиб, ўқув машғулотлари давомида ўтилган мавзулар бўйича якуний тест синовлари ўтказилди.

Тест натижаларига кўра барча тингловчилар юқори балларни қўлга киритди. Ўқув якуни бўйича тингловчиларга “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ўқув маркази” НТМ томонидан  “Гувоҳнома”  топширилди.