Салом Наврўз!

Тупроқни уйғотиб майса чўзди бўй, Табиат келиндек бунчалар хушрўй, Баҳор кунларида ҳар бир кунинг тўй, Халқим, бу кун сенга Наврўз муборак!

Азиз юртимизга фасллар келинчаги – баҳор кириб келди. Она замин уйғонмоқда, барчамиз интизор бўлиб кутаётган Наврўз байрами – яшариш ва яшнаш фасли кириб келмоқда. Далалару боғларда ишлар қизиган, деҳқонлар кузда ишлов бериб тайёр ҳолга келтирилган далаларга сара уруғ экиш билан овора бўлса, боғларда боғбонлар мева кўчатларига шакл бериш ва янги кўчатларни майдонларга ўтқазиб янги боғлар яратиш билан машғул.
Шаҳар ва қишлоқларимизда ободонлаштириш ишлари умумхалқ ҳашарлари ташкил қилиниб, кўча ва хиёбонларимиз, ховли жойларимиз, масжиду қабристонларимиз покизалиги ва ободонлиги йўлида кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда.

Наврўз байрами олдидан бундай хайрли ишлар олиб бориш халқимизда анъанага айланиб кетган.

Биз нишонлаёган бу Наврўз байрамининг дин ёки эътиқодга дахли йўқ, балки миллий байрамимиз бўлиб, қиш фаслидан чиқиб, баҳор айёмига саломат етганимиз, ерга уруғ қадайдиган вақт етгани муносабати билан деҳқонларнинг баҳор байрами сифатида нишонлайдиган мавсумий бир тадбири ҳисобланади.

Мир Алишер Навоий хазратлари ҳам ўз асарларида: “Ҳар тунинг “Қадр” ўлубон, ҳар кунинг ўлсун “Наврўз” – деб бу кунни алоҳида ёд этганлар.
Наврўз байрами муносабати билан мамлакатимизда турли сайиллар, томошалар, байрам тадбирлари ўтказилмоқда, шу куни меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронлар, меҳрга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, уларни байрам билан қутлаб, турли совғалар, хайр – эҳсонлар тақдим этиш халқимизнинг гўзал анъаналаридандир.

Баҳорнинг илк кунларидан бошлаб ҳалол меҳнат жабхасига кирган меҳнаткаш бободеҳқонларимиз томонидан сепилган сара дон, экилган уруғ униб – ўссин. Миллий байрамимиз бўлмиш Наврўзи оламни муносиб кўтаринки рухда ўтказишни барча юртдошларимизга тилаб қоламиз.

Республика  кенгаши  алоқа соҳасидаги барча ходимларни яқинлашиб келаётган уйғониш, янгиланиш ва яшариш байрами билан самимий муборакбод этади. Эзгу ишларингизда барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонингизга файзу барака тилаймиз.

Наврўз барчангизга ризқ-рўз ва янги муваффақиятлар олиб келсин. Мустаҳкам соғлиқ ва кўтаринки кайфият доимо Сизларга ҳамроҳ бўлсин!