ТАТУда “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” мавзусида тантанали тадбир ўтказилди

12 январь куни Тошкент ахборот технологиялари университетида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда “14-январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” номли тантанали тадбир ташкил этилди.

Тадбирда университетнинг Махсус факультети ҳамда ҳарбий кафедрасининг офицерлари, ҳарбий хизматчилари ва курсантлар иштирок этдилар. Тадбир давомида 4 нафар ҳарбий хизматчига Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Фахрий ёрлиғи, 3 нафар ҳарбий хизматчига “Ўз касбининг устаси” белгиси, 8 нафар Махсус факультет офицерлари ва 13 нафар ҳарбий кафедра талабаларига университет ректорининг Фахрий ёрлиғи, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Дарҳақиқат, 1992 йил 14 январда мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим қадам қўйилиб, шу кундан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларни Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу тариқа Ватан ҳимоячилари куни озод ва эркин халқимизнинг янги, муқаддас бир байрами сифатида нишонланиб, йилдан-йилга одамларимизнинг кўнглидан, ички дунёсидан чуқур жой олиб бормоқда.

Ҳукуматимиз томонидан ўтган йиллар мобайнида юртимизда давр талаби ва жаҳон андозаларига жавоб берадиган Қуролли Кучларни барпо этиш, мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, барқарор ва изчил демократик тараққиётимизнинг ишончли кафолати бўлган миллий армиямизни шакллантириш йўлида кенг кўламли ва моҳиятан улкан ишлар амалга оширилди. Аввало, ҳарбий соҳа ислоҳотлари билан боғлиқ стратегик мақсадларга эришишнинг муҳим ҳуқуқий пойдевори бунёд этилди.

Қуролли Кучларимизнинг изчил ислоҳ этилиши натижасида принципиал янги ташкилий-штат тузилмалари, ҳарбий бошқарув тизимлари, турли қўшин турлари ҳаракатлари мувофиқлаштирилди ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш механизмлари шакллантирилди, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлиги ва уларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши тубдан яхшиланди. Ҳарбий таълим соҳасида олиб борилган изчил ислоҳотлар хозирги кунда ўз самарасини бермоқда.

Ҳарбий билим юртлари ва улардаги факультет ҳамда кафедралар сони ошганлиги, Қуролли Кучларимиз академияси ташкил этилганлиги, истиқлолимизнинг меваси бўлган сержантлар тайёрлаш мактабларини битираётган профессионал ва ҳар томонлама етук сержантларимиз ҳозирги кунда армиямизнинг ҳақиқий суянчи ва таянчига айланганидан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Эндиликда сержант деганимизда оддий аскарларнинг устози, офицерларнинг энг яқин кўмакчиси, харбий хизматни ўзига касб деб, ўз ҳаётининг тақдири деб биладиган жасур ўғлонларимизни тушунамиз.

Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факультети ҳам ўтган 26 йил фаолияти давомида мустақил юртимиз равнақи йўлидаги ислоҳотларда фаол иштирок этиб, бугунги кунда Қуролли Кучлар сафига ахборот технологиялари, алоқа ва телекоммуникация технологиялари йўналишида юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаб, ҳукуматимиз ишончини оқлаб келмоқда. Факультет моддий-техника базаси замонавий ахборот-телекоммуникация технологиялари асосида такомиллаштирилди, ўқув жараёни давлат таълим стандартлари мезонлари асосида ташкиллаштирилди, ахборот ресурслари базаси ҳамда шахсий таркибнинг маиший қўллаб-қувватлаш тизими шакллантирилди.

Ҳукуматимиз томонидан Қуролли Кучларимизга кўрсатилаётган эътиборини алоҳида эътироф этган ҳолда Махсус факультет шахсий таркибининг масъулиятли ва юқори даражадаги касб маҳорати бундан буён ҳам қўйилаётган вазифаларнинг аъло даражада бажаришга кўмаклашади.

Тадбир давомида Юнусобод туманидаги 20-сонли Маданият ва аҳоли дам олиш маркази хонандаларининг мусиқали чиқишлари, ТАТУ Махсус факультети курсантларининг ҳарбий жанговор ҳаракатлар кўргазмаси байрам муҳитига янада ижобий таъсир кўрсатди.